ТОШКЕНТ, 27 май — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон президентларининг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев Владимир Путинга ташриф учун миннадорлик билдирди.
“Биринчи ташрифларингиздан бирини Ўзбекистонга амалга оширганингиздан миннатдорман - бу Ўзбекистонга ва унинг кўп миллатли халқига бўлган катта ҳурматдир”, — деди Мирзиёев.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 10 млрд долларга етди.
“Биринчи марта сиз ва мен 63 та уч банддан иборат “Йўл харитаси”ни имзоладик ва ўсиш бор. Товар айирбошлаш ҳақида гапирадиган бўлсак, биз 10 млрд долларга етдик. Бу жуда яхши ўсиш. Биз ҳозир 20 млрд долларга етиш устида ишлаяпмиз”, — дея қайд этди Ўзбекистон раҳбари.
Россия президенти Владимир Путиннинг қайд этишича, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг ривожланиш суръатлари туъсирли, савдо-иқтисодий алоқалар диверсификация қилинмоқда ва яхши истиқболга эга.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида Россия Федерациясининг 28 та ҳудуди раҳбарлари иштирок этади.
“Қачонки биз ҳудудларга аралашмай, уларга ёрдам берсак, натижа жуда юқори бўлади”, – деди Мирзиёев Путин билан тор доирадаги музокаралар чоғида.
Россия ва Ўзбекистон минтақалари форуми ҳамкорликнинг жуда муҳим йўналиши бўлиб, Россия уни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади.
“Сиз минтақалар форуми ҳақида гапирдингиз, менимча, бу жуда муҳим йўналиш. Бу ерда асосийси, одамларга, сиз айтганингиздек, шароит яратишга тўсқинлик қилмаслик керак ва биз буни ҳеч бўлмаганда Россияда амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Биламан, сиз ҳам худди шундай муносабатдасиз. Ишончим комилки, бу ҳақиқатан ҳам савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларимиз ривожига ёрдам беради”, — деди Путин.
Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонга катта делегация билан келганини изоҳлади.
“Россиядан бундай вакиллик делегациясининг Ўзбекистонга келгани стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг ўзига хос хусусиятини таъкидлайди”, — дея таъкидлади у.
Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар диверсификация қилинмоқда ва яхши истиқболга эга, айниқса, саноат кооперацияси ва юқори технологиялар соҳасида, деди Россия президенти.
“Сизнинг саъй-ҳаракатларингиз, Ўзбекистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатлари туфайли савдо-иқтисодий муносабатларимиз, айниқса, саноат кооперацияси ва юқори технологиялар соҳасида турли хил тус олмоқда ва яхши истиқболга эга, —деди Путин.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилишича, ташрифга тайёргарлик доирасида парламент аъзоларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, "Иннопром" кўргазмаси, икки мамлакат етакчи муҳандислик-техник олий ўқув юртлари ректорлари ва нуфузли тиббиёт муассасалари раҳбарларининг анжуманлари самарали ўтди, Тошкентда Рус санъати ҳафталиги тадбирлари давом этмоқда.
Қайд этилишича, ўзаро товар айирбошлаш ва Россиядан инвестициялар ҳажми кўпаймоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 45 миллиард долларни ташкил этди.
"Етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш юзасидан келишувга эришилди", — дейилади хабарда.
Бугун давлат раҳбарлари раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтади. Шунингдек, етакчилар энергетика, шу жумладан атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилишади.
Ташриф давомида Маданий ҳамкорлик дастури қабул қилинади.
"Таълим ва муҳандис кадрларни тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини очиш бўйича келишувларга эришилди", — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида музокаралар бошланди.
Учрашув кун тартибидан Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари ўрин олган.
Амалий ҳамкорликни кенгайтиришга, энг аввало, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, иқтисодиёт тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, инновацион ҳамкорлик дастурларини қўллаб-қувватлаш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Саммит якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган. Президентлар Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам иштирок этишади.