ТОШКЕНТ, 26 май — Sputnik. Ўзбекистон тадбиркорларга субсидия, имтиёз ва преференцияларни тақдим этиш тартибларини такомиллаштирмоқда. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган тегишли қарорда назарда тутилган.
Президент “Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни тақдим этиш тартибларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжатга кўра, юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларга субсидиялар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар (қўллаб-қувватлаш чоралари) уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда жорий этилади.
Қўллаб-қувватлаш чоралари “В” ва ундан юқори рейтинг даражасига эга тадбиркорларга амалдагисига нисбатан қуйидаги миқдорларда тақдим этилади:
“ААА” тоифа – амалдаги миқдорнинг 100 фоизи;
“АА” тоифа – амалдаги миқдорнинг 90 фоизи;
“А” тоифа – амалдаги миқдорнинг 80 фоизи;
“ВВВ” тоифа – амалдаги миқдорнинг 70 фоизи;
“ВВ” тоифа – амалдаги миқдорнинг 60 фоизи;
“В” тоифа – амалдаги миқдорнинг 50 фоизи.
Қўллаб-қувватлаш чоралари рўйхатдан ўтганига 6 ой бўлмаган, шунингдек, президентнинг тегишли фармонига мувофиқ 4 ва 5-тоифадаги туманларда фаолият юритаётган тадбиркорларга уларнинг рейтинг даражасидан қатъи назар амалдаги миқдорларда тақдим этилади.
Тадбиркорларнинг рейтинг даражаси:
пасайган тақдирда, қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш 3 ой давомида сақлаб қолинади;
юқорилаган тақдирда, қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги ойдан бошлаб янгиланган рейтинг даражасига мувофиқ миқдорларда тақдим этилади.
2025 йил 1 январдан “subsidiya.mf.uz” платформасида тадбиркорларга тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларининг турлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олган алоҳида реестр юритилади.