ТОШКЕНТ, 26 май — Sputnik.Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан Ўзбекистонга келган Россия етакчиси Владимир Путин “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.
Мажмуани қисқа кўздан кечириш давомида олий мартабали меҳмонга ушбу меъморий ансамбль мазмуни ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин 26-27 май кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди.
Ташриф дастури кун тартибида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари бўйича олий даражадаги музокаралар ўтказиш жой олган.
Музокараларда, амалий ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, иқтисодий кооперация лойиҳаларини илгари суриш, маданий-гуманитар алмашувни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Саммит якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш режалаштирилган.
Президентлар Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этишади.