ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. Бухоро ва Дербент шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битим имзоланди, дея хабар берди юқори палата матбуот хизмати.
Бухорода Олий Мажлис Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгашининг ҳамкорлиги бўйича комиссиясининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда парламентлараро ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди.
"Музокаралар давомида қонун ижодкорлиги жараёнини рақамлаштириш ва иқтисодиётни рақамли ўзгартириш тажрибасини ўрганиш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари бўйича фикр алмашилди. Комиссия аъзолари томонидан савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда парламент дипломатияси механизмларидан фаол фойдаланиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди", — дейилади хабарда.
Муҳокама жараёнида билдирилган таклифлар ва парламент дипломатияси механизмларини ҳисобга олган ҳолда Парламентлараро комиссиянинг “йўл харитаси”ни янгилаш тўғрисида келишиб олинди.
“Йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бухоро шаҳри ва Россия Федерацияси Доғистон Республикасининг Дербент шаҳри ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида Битим имзоланди”, — дейилади хабарда.
Йиғилишда, шунингдек, икки мамлакат жамоат ва диний ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашда парламент юқори палаталарининг ўрни, меҳнат миграцияси, таълим соҳалари ҳам кўриб чиқилди.