Тошкентда давлат тиббий суғурта механизмлари жорий этилади — тафсилотлар

Энди беморлар ўзлари бириктирилган оилавий шифокорлар орқали тор соҳа мутахассисларига ёки шифохоналарга йўлланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Тошкентда аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситаларининг кафолатланган пакети жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ва янги таклифлар тақдимотида маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ва янги таклифлар тақдимоти билан танишди.
Қайд этилишича, сўнгги 7 йилда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар ҳажми 5,9 триллион сўмдан 33,5 триллион сўмга, яъни 6 баробар оширилди.
Таҳлилларга кўра, соҳада аҳоли мурожаатларининг 30 фоизигина бирламчи бўғинда ҳал бўлмоқда. Айрим касалликлар бўйича даволаш услублари эскирган. Ҳамшираларнинг иш доираси кенг эмас.
Бугунги кунда гипертония, юрак ишемик ва сурункали ўпка хасталиклари, бронхиал астма, қандли диабет, гепатит каби энг кўп учрайдиган 7 та касаллик гуруҳи бўйича даволаш стандартлари халқаро талаблар асосида янгиланди.
Йил якунигача яна 300 та клиник протоколлар қайта кўриб чиқилади. Беморларга одатий текширувларни белгилаш, дорисиз даволаш каби вазифалар шифокордан ҳамширага ўтказилади. Поликлиникаларда беморлар ҳаракати тартибга солиниб, шифокорларга навбат кутиш вақти камайтирилади.
Шавкат Мирзиёев Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ва янги таклифлар тақдимоти билан танишди.

“Уч йил аввал тажриба тариқасида Сирдарё вилоятида тиббий суғурта механизмлари йўлга қўйилган эди. Бу соҳадаги кўплаб камчиликларни кўрсатиб берди. Тиббиёт муассасалари етарлича рақамлаштирилмагани сабабли суғурта тизими тўлиқ ишламаяпти. Шифокорларнинг кўп вақти ҳисобот тўлдиришга кетаяпти. Шу боис Тошкент шаҳрида соҳани рақамлаштириш бўйича намунавий тизим яратиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун барча муассасалар янги компьютер ва техника воситалари билан жиҳозланади. Йил якунигача “Электрон поликлиника” ва “Электрон шифохона” тизимлари ишга туширилади”, — дейилади хабарда.

Шунга асосланиб, 2024 йилда пойтахтда давлат тиббий суғурта механизмлари жорий этилади.
Шавкат Мирзиёев Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ва янги таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тиббий суғурта доирасида:
давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситаларининг кафолатланган пакети жорий этилади;
беморларни ўзлари бириктирилган оилавий шифокорлар орқали тор соҳа мутахассисларига ёки шифохоналарга йўллаш тизими ташкил қилинади. Бунда ушбу тартибга риоя қилинган ҳолдагина бепул тиббий хизматлар кўрсатилади;
аҳолига кафолатланган пакет доирасида энг кўп учрайдиган касалликлар бўйича дори воситалари электрон рецепт асосида дорихоналар орқали бепул берилади.
“Тез тиббий ёрдам тизими таҳлил қилинар экан, асосий муаммо мурожаатларни касалликнинг оғирлигига қараб сараламаслик билан боғлиқ экани кўрсатиб ўтилди. Шу боис тез ёрдам “колл-марказ”ларида беморларга шифокор маслаҳати ҳам йўлга қўйилиши белгиланди. Бу йил Тошкент шаҳрида, келаси йили бошқа ҳудудларда парамедик ва педиатрик бригадалар ташкил қилиниши айтилди. Тизим ходимлари тиббий маслаҳат шифокори, чақирувни саралаш оператори, фельдшер-парамедик йўналишида қайта тайёрланади”, — дейилади хабарда.
Тақдимотда тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатини ҳамда харид жараёнини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.