Мирзиёев Туркия Буюк миллат мажлиси раисини қабул қилди

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида муносабатларни ривожлантиришнинг масалалари кўриб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Буюк миллат мажлиси раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Учрашувда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Икки мамлакат ўртасида қуйидагилар амалга оширилмоқда:
ўзаро товар айирбошлаш ва инвестиция кўрсаткичлари ўсмоқда, қўшма лойиҳалар ва корхоналар, авиақатновлар сони ортиб бормоқда;
икки мамлакатда қўшма маданий тадбирлар ўтказилмоқда;
Ўзбекистон ва Туркия қонун чиқарувчи органлари ўртасида самарали алоқалар йўлга қўйилган.
“Парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлиги кун тартибини шакллантиришда ва олий даражадаги келишувлар ижроси устидан назоратни таъминлашда дўстлик гуруҳлари ва тегишли қўмиталарнинг фаол иштироки муҳим экани таъкидланди”, — дейилади хабарда.
Инвестиция дастурларини илгари суриш, туризм, ишбилармонлик ва таълим алмашинувларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.