ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолётнинг фавқулодда қўндирилиши тўғрисидаги хабарни чуқур ташвиш билан қабул қилдик, дея маълум қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.
Қайд этилишича, Ўзбекистон вертолёт йўловчилари, жумладан, Эроннинг юқори мартабали вакиллари тақдири ҳақидаги маълумотларни диққат билан кузатиб бормоқда.
“Барча йўловчилар тез орада соғ-саломат топилишига умид қиламиз. Ўзбекистон томони зарурат бўлиши билан Эронлик дўстларимизга барча ёрдам кўрсатилишига тўлиқ тайёрлигини билдиради”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, кеча Эрон президенти бўлган вертолёт ҳалокатга учради. Дастлабки маълумотларга кўра, у Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятидаги Верзеган вилоятига қаттиқ қўнган. Фавқулодда ҳолат ўрмонлар ичида жойлашган Узи қишлоғи ҳудудида содир бўлган. Қидирув операциясига 40 та тезкор гуруҳ жалб этилган, қидирув ишлари қалин туман туфайли мураккаблашган. Бугун қутқарувчилар узоқ уринишлардан сўнг вертолёт қулаган жойга етиб борди.
Қайд этилишича, президент вертолёти бутунлай ёниб кетган ҳолда топилди. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбарига кўра, президент вертолётидаги барча йўловчилар ҳалок бўлди. "Tasnim" агентлиги хабар беришича, президент кортежида учта вертолёт бўлган. Ҳалокат бортида республика ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян ва Шарқий Озарбайжон губернатори Малик Рахмати ҳам бўлган.
Россия президенти Владимир Путин топшириғига кўра, Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари қидирув-қутқарув операцияси учун Эронга юборилди.