Мирзиёев Эрон президенти вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Президент Эрон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисийнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон шимолида юз берган фожиа оқибатида Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахсларнинг вафот этгани муносабати билан ушбу мамлакат Олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеийга ҳамдардлик билдирди", — деб ёзади президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Мактубда, жумладан, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни, ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган Иброҳим Раисийнинг ёрқин хотираси халқлар қалбларида доимий сақланиб қолиши таъкидланади.
Давлат раҳбари дўст Эрон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди.
Маълумот учун, кеча Эрон президенти бўлган вертолёт ҳалокатга учради. Дастлабки маълумотларга кўра, у Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятидаги Верзеган вилоятига қаттиқ қўнган. Фавқулодда ҳолат ўрмонлар ичида жойлашган Узи қишлоғи ҳудудида содир бўлган. Қидирув операциясига 40 та тезкор гуруҳ жалб этилган, қидирув ишлари қалин туман туфайли мураккаблашган. Бугун қутқарувчилар узоқ уринишлардан сўнг вертолёт қулаган жойга етиб борди.
Қайд этилишича, президент вертолёти бутунлай ёниб кетган ҳолда топилди. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбарига кўра, президент вертолётидаги барча йўловчилар ҳалок бўлди. "Tasnim" агентлиги хабар беришича, президент кортежида учта вертолёт бўлган. Ҳалокат бортида республика ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва Шарқий Озарбайжон губернатори Малик Раҳмати ҳам бўлган.
Расман: Эрон президенти вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди