Москвада Ўзбекистон маданияти кунлари бошланди

Маданият кунлари 22,24 май кунлари ВДНХ боғида ўзбек мусиқали кечаси ва Ботир Зокировга бағишланган фильм билан давом этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Москвада Ўзбекистон маданияти кунлари бошланди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Бугун “Ўзбекистон маданияти кунлари”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда амалий санъати намуналари, ўзбек мусиқаси ва адабиёти тақдимот қилинди.
Шунингдек, "Нилуфар" ансамбли “Ўзбекистон юлдузлари”, “Санамгина” рақсларини ижро этишди, талабалар эса "Ўзбекистон гулзор", “Умид”, “Мафтун бўлдим” каби машҳур қўшиқларни ижро этишди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси номидан МДҲ бош котиби ўринбосари Илҳом Неъматов Ўзбекистон Республикаси маданият кунлари иштирокчиларига табрик йўллади. Неъматовнинг қайд этишича, маданият икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади.
Маданий мулоқотда “Ҳамдўстлик давлатларининг маданий пойтахтлари” Давлатлараро дастурининг амалга оширилиши юқори самарадорликни намоён этмоқда. Бу йил дунёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири – Ўзбекистон Самарқандга “Маданий пойтахт” юксак мақоми берилгани рамзий маънога эга.
Москва давлат лингвистика университетида ўтказилаётган Ўзбекистон маданияти кунлари эса мазкур дастур доирасида режалаштирилган кўплаб тадбирларни уйғунлик билан тўлдиради.
Таъкидланишича, Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида ўқитувчи ва талабалар ўзбек халқининг ўзига хос маданияти, миллий анъана ва урф-одатлари ҳақидаги билимларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришда давом этади.
Маданият кунлари 22,24 май кунлари Москвдаги "Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси" мажмуасидаги (ВДНХ) "Ўзбекистон" павильонида ўзбек мусиқали кечаси ва Ботир Зокировга бағишланган фильм билан давом этади.