ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Истанбулда бўлиб ўтган Туркий инвестиция жамғармасининг инаугурацион учрашувида иштирок этди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Тадбирда Туркия вице-президенти Жевдет Йилмаз, Жамғарма президенти Бағдод Амреев, Туркия ғазначилик ва молия вазири Меҳмет Шимшек, Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаров, Озарбайжон иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Элнур Алиев қатнашди.
Лазиз Кудратов жамғарманинг ташкил этилиши туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва минтақанинг иқтисодий ривожланиши учун янги имкониятларни очиб, сармоя киритиш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун замин яратишини таъкидлади.
Шунингдек, у жамғарма кўмагида амалга оширилаётган қўшма саъй-ҳаракатлар ва инвестиция ташаббуслари иштирокчи мамлакатлар иқтисодиётлари ўсиши ва фуқаролар фаровонлигини оширишга ҳисса қўшиб, тенг фойда келтиришига умид билдирди.
Истанбулда Туркий инвестиция жамғармасининг инаугурацион учрашуви бўлиб ўтди.
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли республики Узбекистан
“Иштирокчилар томонидан Жамғарма бошқаруви ва ташкилий фаолияти самарадорлигини оширишга, жумладан, Директорлар кенгаши таркибига вакилларни тайинлаш, раҳбарият ва ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ротация қилиш тартиби, ички ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва Жамғарма фаолиятининг бошқа муҳим йўналишларига оид бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди”, — дейилади хабарда.
Тадбир якунида жамғарма ишини фаоллаштириш чора-тадбирлари келишиб олинди. Қўшма қарорлар қабул қилиш тартиби ишлаб чиқилди ва пилот лойиҳа ташаббуслари белгилаб олинди.