Дори воситаларига чидамли бактериялар рўйхатини янгиланди — ЖССТ

ЖССТ 2024 йил учун янгиланган бактериал патогенларнинг устувор рўйхатини эълон қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) дори воситаларига чидамли бактериялар рўйхатини янгилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Ташкилот 2024 йил учун янгиланган бактериал патогенларнинг устувор рўйхатини (BPPL) эълон қилди.
Унга антибиотикларга чидамли бактерияларнинг 15 оиласи киритилган бўлиб, улар муҳим, юқори ва ўрта устувор гуруҳларга таснифланади.
Рўйхатда микробга қарши препаратларга чидамлик (МҚЧ) тарқалишини тўхтатиш учун янги ва керакли даволаш усулларини ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар берилган. МҚЧ бактериялар, вируслар, замбуруғлар ва паразитларга дорилар таъсир қилмай қолганда вужудга келади ва бу беморларда касалликни оғирлаштиради ва унинг тарқалиш ва ўлим хавфини оширади.
Одатда МҚЧ микробларга қарши воситаларни нотўғри ва ҳаддан ташқари кўп ишлатиш туфайли келиб чиқади. Янгиланган BPPL рўйхати янги антибиотикларни тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқишда инновацияларни рағбатлантириш учун халқаро мувофиқлаштиришни қўллаб-қувватлаш бўйича янги маълумотлар ва экспертлар хулосаларини ўз ичига олади.
“Микробларга қарши препаратларга чидамлилик сил касаллиги каби ҳаёт учун хавфли инфекцияларни самарали даволаш имкониятига таҳдид солмоқда. Бу эса касалликнинг оғир кечишига ва ўлим ҳолатларининг ортишига олиб келади”, — деди ЖССТ Бош директорининг ёрдамчиси Жером Саломон.
Маълумот учун, рўйхат биринчи бўлиб 2017 йилда шакллантирилган. Ўшандан буён микробларга қарши препаратларга чидамлилик хавфи ортиб, бу кўплаб антибиотиклар самарадорлигини пасайишига олиб келган ва замонавий тиббиётдаги қатор ютуқларни йўққа чиқариши мумкин.