ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги директори ўринбосари Олег Лим “Россия – Ислом олами: KazanForum” XV халқаро иқтисодий форумида Ўзбекистондаги парвозлар хавфсизлиги ҳақида гапирди, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Унинг сўзларига кўра, республикада парвозлар хавфсизлиги бўйича ҳаммаси жойида, авиация ҳодисалари сони минималлаштирилди.
“Бу йилига 11-12, 10 дан бир оз кўпроқ бўляпти”, - дея аниқлик киритди Лим.
Қайд этилишича, бунга, жумладан, Давлатлараро авиация қўмитасининг барча парвозга яроқлилик меъёрлари Ўзбекистонда жорий этилгани сабабдир.
“Парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича минтақавий ҳамкорлик” сессиясида сўзга чиққан Ўзавиация директори ўринбосари учувчилар етишмаслиги сабабларини ҳам айтиб ўтди. Унга кўра, сўнгги 3 йил ичида Ўзбекистонда 10 дан ортиқ янги авиакомпаниялар пайдо бўлди.
“Бугунги кунда биз ходимлар, айниқса, парвоз таркиби етишмаслиги муаммосига дуч келдик, эҳтиёжни қоплаш учун чет эллик учувчиларни жалб қилишга мажбурмиз”, - деб тушунтирди Лим.
Бугунги кунда республикада 15 та авиакомпания мавжуд. Улардан олтитаси йўловчи ташиш, учтаси юк ташиш, олтитаси авиация масалалари билан шуғулланади.
Лимнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон ҳозирда ўзининг сайёҳлик салоҳиятини рўёбга чиқармоқда, бунинг натижасида ҳам парвозлар сони, ҳам ташилаётган йўловчилар сони ортиб бормоқда.
“Россия – ислом олами: KazanForum” халқаро иқтисодий форуми 14-19 май кунлари "Казань Экспо" халқаро кўргазмалар марказида бўлиб ўтмоқда. "KazanForum" бизнес дастури 12 та тематик йўналишни бирлаштиради: халқаро ҳамкорлик, иқтисодиёт, туризм, бизнес, фан ва технологиялар, ислом молияси ва инвестициялари, спорт, ҳалол саноат ва бошқалар. Дастур Россия ҳудудлари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ва бошқа мамлакатлар экспертлари иштирокида 125 та мавзули сессияни ўз ичига олади.