Ўзбекистон ва ЕОИИ

Ўзбекистон ва ЕОИИ 2024-2026 йиллар учун қўшма тадбирлар режасини тайёрламоқда

Бахитжан Сагинтаев ва Ботиржон Асадов ЕОИИ мамлакатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) 2024-2026 йиллар учун қўшма тадбирлар режасини тайёрламоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов ва Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) раиси Бахитжан Сагинтаев ўртасида бўлиб ўтган учрашувида маълум қилинди, дея хабар берди ЕИК матбуот хизмати.
Учрашувда ЕОИИ мамлакатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари, турли соҳаларда интеграцион алоқаларни чуқурлаштириш бўйича келишувларни амалга оширишнинг бориши муҳокама қилинди.
Сагинтаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон айни пайтда ЕОИИнинг иттифоққа аъзо бўлмаган МДҲ давлатларидан савдо ҳамкорлари орасида биринчи, савдо шериклари умумий рўйхатида эса еттинчи ўринда туради.
Ишларнинг бугунги ҳолати ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва Евроосиё “бешлиги” давлатлари ва Ўзбекистон иқтисодиёти салоҳиятини янада очиш учун мустаҳкам асос бўлмоқда. Ҳозирда Комиссия ЕОИИ мамлакатлари билан биргаликда Ўзбекистоннинг бир қатор аниқ кооператив саноат ва инфратузилма лойиҳаларига қўшилиш имкониятларини ўрганмоқда.
Ўз навбатида Асадов Ўзбекистон кузатувчи давлат мақомидан максимал даражада фойдаланишдан манфаатдор эканлигини ва ЕОИИда амалга оширилаётган саноат лойиҳаларига қўшилишга тайёрлигини таъкидлади.
Томонлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳозирда ЕИК ва Ўзбекистон ҳукуматининг 2024-2026 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирларининг янги режаси тайёрланмоқда.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
Мирзиёев ЕОИИ юбилей саммитида иштирок этди – илгари сурилган таклифлар