Тошкентда Ботир Зокиров ҳайкали очилди

Ботир Зокиров ҳайкалининг очилиш маросимида Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Тошкентда миллий эстрада санъати асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилди. Тадбирда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ҳайкал Ўзбекистон давлат консерваторияси ёнида барпо этилди. Президентнинг сўзларига кўра, бу ҳайкал Ботир Зокиров хотирасига ўрнатилган рамзий бир тимсолдир.
Тошкентда Ботир Зокиров ҳайкали очилди

“Айни пайтда Янги Ўзбекистонда маданият ва санъатни равнақ топтириш йўлида олиб бораётган барча ислоҳотларимиз ва уларнинг амалий натижалари бу улуғ ижодкорга энг муносиб ёдгорлик бўлади”, – деди давлат раҳбари.

Тошкентда Ботир Зокиров ҳайкали очилди
Ботир Зокиров 1936 йилда санъаткорлар оиласида туғилган. У 29 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган. 2000 йилда “Буюк хизматлари учун” ва 2021 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган.
Хонанда 1955 йилда, оғир дардга йўлиқади. Бир неча марта жарроҳлик амалиётларини бошидан ўтказади. Шифокорлар унга қўшиқ айтишни тақиқлаб қўяди. Лекин шу аҳволда ҳам ижоддан, куйлашдан тўхтамайди.
Ботир Зокиров шарқ фольклори ва замонавий эстрада санъатини уйғунлаштириб, “Мюзик холл” ижодий жамоасини ташкил этган, хонанда ва композитор сифатида кўплаб истеъдодли ёшларга устозлик қилган.
Тошкентда Ботир Зокиров ҳайкали очилди
"Республикада хизмат кўрсатган “Ялла” ансамблининг ташкил топишида Ботир Зокировнинг хизматлари беқиёсдир", – дейилади хабарда.
Зокиров жуда қисқа – 49 йил умр кўрган.
Тошкентда Ботир Зокиров ҳайкали очилди
Санъаткорнинг сўнмас хотирасини эъзозлаш, ижодий меросини ўрганиш бўйича қилинаётган ишлар:
2021 йилда Ботир Зокировнинг 85 йиллик таваллуд айёми кенг нишонланди;
Улуғ ҳофиз номидаги миллий мукофот таъсис этилди;
У ҳақда илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли фильм ва спектакллар яратилди;
Яқинда Ботир Зокировнинг хотира кечаси мамлакат жамоатчилиги ҳамда хорижий давлатлардан ташриф буюрган атоқли санъаткорлар иштирокида катта шодиёна сифатида ўтказилди;
Ботир Зокиров таҳсил олган Ўзбекистон давлат консерваторияси жойлашган кўчага у кишининг табаррук номи берилди;
Ушбу консерватория ҳузурида Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институти барпо этилди;
Ботир Зокировнинг бой меросини чуқур ўрганиш ва халққа етказиш ишларини давом эттириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига алоҳида қарор тайёрлаш топширилди.