KazanForum: Ўзбекистон-Россия индустриал мулоқоти қандай ўтди?

"KazanForum" доирасида “Саноат мулоқоти: Россия – Ўзбекистон” сессияси бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Қозонда “Россия – ислом олами: KazanForum” халқаро иқтисодий форуми доирасида бўлиб ўтган “Саноат мулоқоти: Россия – Ўзбекистон” сессиясида ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Жараёнга Россиянинг Ўзбекистондаги савдо вакили Константин Злигостев модераторлик қилди.
"Фикримча, тадбир жуда муваффақиятли ўтди. Қаторасига иккинчи йил Қозонда ушбу тадбирни ўтказяпмиз. Унда Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳокимлари қатнашди. Технопарклар, электрон савдо ва маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни ривожлантириш муҳокама қилинди”, — деди Злигостев.
Демак, сессияда “КИП Мастер” АЖ бош директори Фарид Зокиров компания томонидан Ўзбекистонда “Навоий” эркин иқтисодий зонасида очилган корхона қандай ривожланаётгани ҳақида сўзлаб берди.
“Навоий” ЭИЗ директори Ҳабиб Абдуллаевнинг таъкидлашича, муҳандислик-транспорт инфратузилмасига эга ҳудуд 105 та ишлаб чиқариш майдонларини ўз ичига олади.
Тақдим этилган саноат тармоқлари: кончилик, машинасозлик, металлга ишлов бериш, қурилиш саноати, кимё, электроника ва бошқалар.
Абдуллаев россиялик тадбиркорларни “Навоий” ЭИЗ билан яқиндан танишишга чақирди.