Тоқаев Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик кенгашлари котибларини қабул қилди

Тадбирда Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ҳам иштирок этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик кенгашлари котибларини қабул қилди, дея хабар берди мамлакат президенти матбуот хизмати.
Тадбирда Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши котиби Гизат Нурдаулетов, Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов, Тожикистон хавфсизлик кенгаши котиби Насрулло Маҳмудзода, Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Туркманистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳарбий атташеси Аннамират Ягмиров иштирок этди.
Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов
Қайд этилишича, охирги беш йил ичида минтақалараро товар айирбошлаш ҳажми 80 фоиздан ошиб, 10 миллиард доллардан ортди. Шу билан бирга, мамлакатлар ўртасидаги экспорт-импорт операцияларини тизимли равишда ошириш, товар турларини кенгайтириш вазифалари ҳал этилмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги алоқалар фаоллашди, қўшма корхоналар сони кўпаймоқда. Йирик минтақавий лойиҳалар нафақат ўзаро сезиларли фойда келтиради, балки Марказий Осиё иқтисодиётининг бутун конфигурациясини ҳам ўзгартиради.
“Транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш минтақани жадал ривожлантиришнинг янги таянч нуқтасига айланмоқда. Маданий-гуманитар алоқалар ҳам фаоллашгани Марказий Осиё давлатларининг янада яқинлашишига хизмат қилмоқда”, – деди Қозоғистон раҳбари.
Президент бу жараёнларни минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳасидаги самарали мулоқотлар қўллаб-қувватлаши керак, деб ҳисоблайди.
Унинг айтишича, аксарият замонавий чақириқ ва таҳдидлар трансчегаравий хусусиятга эга, шунинг учун уларга қарши курашиш умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни талаб қилади. Гап, биринчи навбатда, халқаро экстремизм ва терроризмга, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига, қурол-яроғ савдосига қарши кураш ҳақида бормоқда.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев

“Бу борада Афғонистон умумий эътибор марказида бўлиши керак. Бу мамлакатда мураккаб кўп йўналишли жараёнлар содир бўлмоқда. Тан олиш керакки, бу мамлакатда иқтисодий вазият барқарорлашуви ва тикланишининг маълум белгилари мавжуд. Бошқа томондан, халқаро террористик ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ юқори хавфлар сақланиб қолмоқда, буни Москва вилоятидаги қонли теракт ҳам тасдиқлайди. Бизнинг фикримизча, ҳозирги босқичдаги стратегик вазифалардан бири Афғонистонни минтақавий алоқаларга фаол жалб этишдир. Ва бу ерда кўп нарса мамлакатларимизнинг келишилган позициясига боғлиқ. Биз мамлакатимизда БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказини яратишни долзарб деб биламиз”, — деди Тоқаев.

Давлат раҳбари бугунги учрашув 9 август куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўришнинг муҳим босқичи эканини таъкидлади. Президент Қозоғистон бу йил раис сифатида бўлажак саммит салоҳиятини кучайтириш устида фаол иш олиб бораётганини айтди.
“Ўйлайманки, Остонадаги саммитнинг асосий натижаларидан бири бу барчамиз учун тарихий Шартномани имзолаш тартиб-таомилининг якунланиши ва унинг кучга кириши бўлиши мумкин. Беш томонлама форматимизни институционал жиҳатдан янада такомиллаштириш долзарблигича қолмоқда”, — деди Қозоғистон раҳбари.
У, шунингдек, учрашув натижалари Марказий Осиё давлатлари ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.