ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. Ўзбекистонда енгил автомобиллар сотуви камайди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.
Ўзбекистон автомобиль бозорида февраль ойида бошланган савдо пасайиш суръатларини тезлаштириш тенденцияси кузатилди. Апрель ойи якунларига кўра, мамлакатда автотранспорт воситаларининг умумий савдоси 19% га камайиб, 88,3 мингта автомобилни ташкил этди.
“Апрель ойида 78,5 мингта енгил автомобиллар сотилди, бу аввалги ойга нисбатан 18,6% га кам”, — дейилади хабарда.
Республиканинг барча ҳудудларида енгил автомобиллар бозорида сотувлар камаймоқда. Энг катта пасайиш Наманган, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида қайд этилди, бу ерда савдо ҳажмининг пасайиши 30% дан ошди.
Йиллик ўлчовда енгил автомобил бозори 35,3% га камайди.
“Камайиш сабаблари автокредитларни қисқартириш ва уларни бериш қоидаларининг мураккаблашиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон банклари томонидан 1,25 триллион сўмлик автокредитлар берилди. Республика Марказий банкининг очиқ маълумотларига кўра, бу сўнгги икки йилдаги энг паст кўрсаткичдир”, — дея қайд этилган хабарда.
Бирламчи автомобил бозоридаги вазият
Енгил автомобилларнинг бирламчи бозорида ҳам пасайиш динамикаси кузатилмоқда. Бироқ, апрель ойида ушбу сегментнинг пасайиши секинлашди, ой давомида сотувлар март ойидаги 17% га нисбатан 10% га пасайиш билан деярли 20 мингта автомобилни ташкил этди. Шу билан бирга, ўтган йилга нисбатан ушбу бирламчи бозор деярли 22% га камайди.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сотувининг пасайиш тенденцияси кетма-кет учинчи ой кузатилмоқда. Апрель ойида 17,7 мингта енгил автомобил сотилди, бу ўтган ойга нисбатан 9% га кам. Йил давомида бу ерда фаоллик 21% дан кўпроққа камайди.
Хорижий енгил автомобиллар сегменти
Хорижий енгил автомобиллар бозори 15,3% га камайди. Апрель ойида жами 2 мингта хорижий автомобил сотилган. Ўтган йилнинг апрель ойига нисбатан сотувлар 24% га камайди.
Енгил автомобиллар иккиламчи бозори
Енгил автомобиллар иккиламчи бозори 21,2% га қисқарди. Апрель ойида рўйхатга олинган автомобиллар сони қарийб 59 мингтани ташкил этди.
Йиллик кўрсаткичларда 39% га янада сезиларли пасайиш кузатилди. Иккиламчи бозорда сотувлар 2022 йил бошидан бери минимал даражага етди.
Электромобиллар бозоридаги вазият
Аксинча, электромобиллар бозори апрель ойида юқори савдо кўрсаткичларини намойиш қилди. Апрель ойида енгил электромобиллар сотуви 2,9 мингтани ташкил этди, бу март ойидаги кўрсаткичга нисбатан 23,2% га кўпроқ.
Энг кўп сотувлар пойтахтда қайд этилган - деярли 2 мингта автомобиль.
Йиллик ҳисобда республикада электромобиллар савдоси 2 баробарга ошди.