ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Ўзбекистон қайта тикланадиган энергия манбаларининг улушини 18 фоизга етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Тошкентда ўтаётган Энергетика форумида маълум қилди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
“Ўзбекистон 2024 йил охирига қадар мамлакат энергетика тизимида қайта тикланадиган энергия манбаларининг улушини 18 фоизга етказишни режалаштирмоқда”, — деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Унинг сўзларига кўра, 2030 йилга келиб, Ўзбекистон энергия аралашмасидаги қайта тикланувчи энергия улуши 40% га етказилади.
“Қайта тикланадиган энергия деганда, биз фақат қуёш ва шамолни ҳисобга оламиз. Ҳозир Қозоғистон, Озарбайжон билан Марказий Осиё минтақасининг салоҳиятидан фойдаланган ҳолда яшил энергияни сув ости кабели орқали Европага, Венгрияга, Руминияга ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига олиб чиқишни муҳокама қилмоқдамиз”, — дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, май ойида Ўзбекистон Тожикистонни Марказий Осиё ягона энергетика тизимига улайди.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизими 1960 йиллар бошидан тўртта давлат – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Жанубий Қозоғистоннинг унга туташ беш вилояти ҳудудида шакллана бошлаган. Бир пайтлар Тожикистон ўз шартларини бир неча бор бузгани учун параллел ишлардан ажратилган.
Маълумот учун, бугун Тошкентда энергетика ҳафталиги ўз ишини бошлади. Мазкур ҳафталикда 29 та давлатдан 450 та ишлаб чиқарувчи компаниянинг ёқилғи-энергетика тармоғига оид замонавий ускуналари ва технологияларидан намуналар намойиш этилади.
Бугун форумни ялпи сессия очиб берди. Унда иккита муҳим тадбир — 26-Халқаро “Ўзбекистон нефт ва гази – OGU 2024” анжумани ҳамда 4-Халқаро энергетика анжумани бошланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов 2030 йилга бориб Ўзбекистонда 20 гигаватт қайта тикланадиган энергия қуввати яратилиб, унинг энергия балансидаги улуши 40 фоизга етказилишини маълум қилганди.