Жиззахда "Zaamin Ultra" ультрамарафони бўлиб ўтади – дастурдан нималар ўрин олган?

Иштирокчилар учун 4 та йўналиш мавжуд. Марафон арафасида электрон мусиқа концерти ҳам ўтказилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 май — Sputnik. Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти Зомин миллий табиат боғи ҳудудида 1-2 июнь кунлари "Zaamin Ultra 2024" ультрамарафони бўлиб ўтади, деб хабар берди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.
Йўналиш денгиз сатҳидан 2200–2500 метр баландликда жойлашган бўлиб, бу баландлик олтита Тошкент телеминорасига тенг.

“Бу йил биз "Samarkand Marathon" халқаро хайрия марафонининг беш йиллигини нишонламоқдамиз. У ташкил этилганидан буён биз тадбирларимизни Ўзбекистонда бутун дунёдан ташриф буюрувчи иштирокчиларни бирлаштирувчи спорт, маданият ва санъатга бағишланган шодиёна сифатида тарғиб этамиз. Тадбирларни янада кенг миқёсли ва қизиқарлироқ уюштиришга, иштирокчиларнинг янги қатлами, шу жумладан, республиканинг барча ҳудудларидаги ёшларни жалб этиш устида мунтазам равишда ишлаб келмоқдамиз", — деди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова.

Халқаро ультрамарафон "Zaamin Ultra" 2024 йилнинг биринчи тадбири бўлади.
Иштирокчилар 4 та масофа бўйича ҳаракатланишади:
50К – бу маршрут бутун платонинг ҳамда Туркистон ва Молгузар тизмаларининг кўринишини тақдим этади. Йўналишнинг энг баланд нуқтаси денгиз сатҳидан 2500 метрга етади. Баландликка кўтарилиш – 1 535 метр;
21К – ярим марафончилар жами 635 метр баландликка кўтарилиб, 21 км масофани босиб ўтадилар. Иштирокчилар барча уч ирмоқ — Катташир, Қизилмозор ва Обикўл бўйлаб югуради;
10К – иштирокчилар Қизилмозор тоғ оқими ва Чўртанги дараси ёнбағри манзарасини кўриш имконияти мавжуд бўлган кузатув майдонигача югуришади. Охирги километрлар 370 метр баландликка чиқишни ўз ичига олади;
2К – бу йўналиш қисқа масофали бўлиб, тоғ бўйича марафонда илк бора иштирок этаётганлар учун тўғри келади. Мазкур йўналишда старт шаҳарчаси ва Катташир тоғ сойи манзараларидан баҳра олиш мумкин.
1 июнь куни пойга арафасида "Zaamin Ultra 2024" ультрамарафон меҳмонлари ва иштирокчилари учун электрон мусиқа концерти ташкил этилади.
Жамғарма матбуот хизмати бу йил янги экологик ташаббус жорий этилишини қўшимча қилди, бу хайрия пойгаларининг бутун туркуми – плоггинг учун анъанага айланади. Иштирокчилар икки кунлик фестивални югуриш ва чиқинди йиғиш билан якунлайдилар. Бу уларни бирлаштиришга, энг муҳими, табиатни асл ҳолида сақлашга хизмат қилади.