ТОШКЕНТ, 13 май — Sputnik. Ўзбекистон уй-жой бозоридаги фаоллик апрель ойида ўсди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Қайд этилишича, март ойидаги бироз пасайишдан сўнг апрель ойида вазиятнинг яхшиланиши қайд этилди: бозорга фаоллик қайтмоқда - битимлар сони ортмоқда. Ижара бозори, аксинча, пасайиш динамикасини кўрсатди.
Шундай қилиб, апрель ойида битимлар сони 11,2 фоизга ошиб, савдолар 20 мингта битимни ташкил этди.
“Бироқ апрель ойидаги натижа ўтган йилги даражадан паст бўлди: йилдан йилга сотувлар ҳажми 2% га камайди”, — дейилади хабарда.
Ҳудудий уй-жой бозори
Ҳудудлар бўйича кўчмас мулк бозоридаги фаолликнинг энг катта ўсиши Навоий ва Сирдарё вилоятларида 24 ва 22,3% га ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 23,5% га қайд этилди.
Пойтахтнинг уй-жой бозорида битимлар сони ой давомида 6,5%га ошди.
Тошкентда уй-жой ижараси
Апрель ойида пойтахтнинг ижара бозори яна пасайиш динамикасини кўрсатди. Харид қилиш фаоллиги 4,6% га камайди ва 1 квадрат метр уй-жой нархи 8,3 долларни ташкил этди.
Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара ҳақи ҳали ҳам юқори, бу ерда ҳар квадрат метр учун ўртача ижара ҳақи 10,4 долларни ташкил этади.
Олмазор, Сергели ва Бектемир туманларида нисбатан арзон ижара уй-жойлари сақланиб қолмоқда, бу ҳудудларда ўртача ижара нархи ҳар квадрат метр учун 6,3 долларни ташкил этади.
Шу билан бирга, ўтган йилнинг апрель ойига нисбатан Тошкентда ижара бозори 6,9% га қисқарган. Шундай қилиб, нархларнинг энг кўп пасайган ҳудудлар Яшнобод 11,6%, Яккасарой 11,1% ва Шайхонтоҳур 10,5% бўлди.
Иккиламчи уй-жой бозори
Апрель ойида иккиламчи уй-жой нархи 0,7% га бироз пасайди, йиллик кўрсаткичларда эса иккиламчи уй-жой нархи 11,6% га ошди.
Иккиламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши қайд этилган ҳудудлар Тошкент – 23,6%, Бухоро – 21,3% ва Хоразм-20,5% вилоятлари бўлди.
“Ўз навбатида, пойтахтда иккиламчи уй-жой нархларининг ўсиши тезлашди. Март ойида Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи атиги 0,2% га ошган бўлса, апрель ойида мос равишда 1,1% га ошган”, – дейилган хабарда.
Нарх ўсишининг энг юқори суръатлари Бектемир – 3,8%, Яккасарой – 3,6% ва Чилонзор – 3,1% туманларида қайд этилди.
Умуман олганда, йил давомида Тошкентда иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи қарийб 13% га ошди.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида кўчмас мулк бозорида фаоллик бироз ўсишидан сўнг март ойида сезиларли пасайиш қайд этилганди.