Арипов Мишустинни лавозимига қайта тасдиқлангани билан табриклади

Ўзбекистон бош вазири Михаил Мишустинни Россия ҳукумати раиси этиб қайта тасдиқлангани муносабати билан самимий табриклади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Жорий йилнинг 10 май куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумат порталида хабар берилди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон бош вазири Михаил Мишустинни Россия ҳукумати раиси этиб қайта тасдиқлангани муносабати билан самимий табриклади.
Шунингдек, икки давлат раҳбарлари томонидан ҳукуматлар олдига Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, шу жумладан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўлида қўйилган муҳим вазифаларни яқин ҳамкорликда амалга оширишга умид билдирилди.
Маълумот учун, Россия президенти Владимир Путин Михаил Мишустинни Россия Федерацияси бош вазири этиб тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолади. Бунгача Путин Мишустиннинг номзодини ҳукумат раиси лавозимига Давлат Думасига тақдим этган эди. Парламент қуйи палатаси жума куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда унинг номзодини маъқуллади ва тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни Россия президентига юборди.