ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Москвада 8 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда президентлар икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, шу жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Эслатамиз, Шавкат Мирзиёев 8 май куни амалий ташриф билан Москвага борди. Президент кузатувчи давлат раҳбари сифатида Олий Евросиё иқтисодий кенгашининг юбилей саммитида қатнашди ва қатор таклифларни илгари сурди.
9 май куни Ўзбекистон раҳбари Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 79 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этади.