ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга табрик йўллади, дейилади Кремль сайтида.
“Оғир уруш йилларида фронтда мардларча жанг қилган, фронт ортида катта қурбонлар ва машаққатлар эвазига фидокорона меҳнат қилган, узоқ кутилган Ғалабани яқинлаштирган барча инсонларга чуқур миннатдорлик ва ҳурмат-эҳтиром билдирамиз”, — дейилади Россия президенти табригида.
“Умумий тарихимизни бузиб кўрсатиш ёки унутишга бўлган ҳар қандай уринишларни тўхтатиш муҳим. Ва, албатта, ота-боболаримизга қийин ҳарбий синовларга дош беришга ва нацизмни тор-мор этишга ёрдам берган дўстлик ва ўзаро ёрдамнинг улуғвор анъаналарини кейинги авлодларга эҳтиёткорлик билан сақлаш ва этказиш”, дея қайд этилган табрикда.
Владимир Путин Улуғ Ватан уруши йилларида мустаҳкамланган қардошлик дўстлик ришталари мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун ишончли асос бўлиб қолишига ишонч билдирди.
Россия президенти хорижий давлатлар раҳбарлари ва фуқароларига мурожаат қилар экан, Улуғ Ватан уруши фахрийлари ва фронт меҳнаткашларига самимий миннатдорлик сўзларини етказди, уларга мустаҳкам соғлик, фаровонлик, кўтаринки руҳ ва узоқ умр тилади.
Владимир Путин, шунингдек, Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Абхазия, Жанубий Осетия раҳбарларига, шунингдек, Грузия ва Молдова халқларига ҳам табрик йўллади.