ТОШКЕНТ, 7 май — Sputnik. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига йигирма миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев тегишли фармонни имзолади.
Уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бор шахслар мамлакатда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодлар хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафда туриб, Ватаннинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан рағбатлантирилади.
“Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 20 000 000 (йигирма миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгилансин”, — дейилади хабарда.
Ҳужжатда қайд этилишича, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофоти тантанали ҳамда байрамона вазиятда топширилади.