Сентябрга қадар ўқув жараёнларига янги тизим жорий этилади — тафсилотлар

Энди давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 май — Sputnik. Энди давлат гранти ўринлари энг юқори балл тўплаган абитуриентлар танлови асосида белгиланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида олий таълим тизими бўйича бўлиб ўтган тақдимотда айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, ҳозирда бакалавриатда 306 та йўналиш, магистратурада 625 та мутахассислик бор. Лекин уларнинг айримлари халқаро стандартлар ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос эмас. Бу битирувчиларда тўлиқ малака шаклланиши ва уларнинг ишга жойлашишида муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.
“1 сентябрга қадар ўқув жараёнларини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, янги тизимни жорий этиш бўйича кўрсатма берилди”, — дейилади хабарда.
Кейинги асосий масала бу – олий таълимга қабул тизимини янада адолатли қилиш ва давлат грантларини иқтидорга йўналтириш. Ҳозирги қабул тизими, квоталарнинг тақсимланиши рақобатни тўлиқ таъминламаяпти. Айрим абитуриентлар юқори балл тўпласа-да, топширган олийгоҳининг квотаси сонига қараб, ўқишга киролмай қолиши мумкин.
Янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни, юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди.
Яна бир янгилик: энди давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади. Давлат раҳбари бу тизимни адолатли йўлга қўйиш, ёшларга ва ота-оналарга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Малака талаблари

Қайд этилишича, айрим мезонлар халқаро стандартларга ва иш берувчи талабларига тўлиқ мос келмайди. Меҳнат бозорида мавжуд 8 мингга яқин ишчи касбдан 5 мингдан ортиғи бўйича малака стандартлари ишлаб чиқилмаган. Борлари ҳам аниқ ва сифатли эмас.
Шунингдек, малакани баҳолаш марказларида сертификатлаш йўлга қўйилмаган. Миллий малака тизимига доир жараён ва ҳужжатлар Электрон платформада юритилмайди.
Шу боис Миллий малака тизимини ривожлантириш институтини ташкил қилиб, иш берувчилар билан бирга малака талабларини тўлиқ ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Количество государственных грантов будет определяться исходя из выбора вузов абитуриентами, набравшими наивысший балл
“Бу аҳоли бандлигига бевосита дахлдор долзарб масала. Шунинг учун бу борада қонунлар ишлаб чиқиб, вазирлик ва идоралар масъулиятини белгилаш, ижроси устидан назоратни кучайтириш керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Муҳандислик соҳасидаги таълим сифати

Мамлакатда йилига 3 мингдан зиёд саноат корхоналари ташкил этилиб, 146 минг иш ўрни яратилаяпти. Уларда йилига 25 мингдан зиёд муҳандис ва технологларга эҳтиёж бор.
Бу йўналишда 33 та давлат олийгоҳида кадрлар тайёрланса-да, таълим сифати талаб даражасида эмас. Илғор хорижий университетларда аллақачон тўхтатилган айрим фан ва мутахассисликлар ҳали ҳам ўқитилмоқда. Ўқув режа ва дастурларининг қарийб ярми меҳнат бозори ва халқаро стандартларга жавоб бермайди. Мутасаддиларга ушбу таълим йўналишида кескин ўзгариш ясаш бўйича кўрсатмалар берилди.