БАА ишбилармон доиралари Ўзбекистонга жалб этилади

Ўзбекистон ва БАА туризм соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга келишиб олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ишбилармон доиралари Ўзбекистонга жалб этилади, дея хабар берди Туризм қўмитаси.
Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев БАА иқтисодиёт вазири Абдуллоҳ бин Тук Ал Марри билан музокаралар ўтказди.
Томонлар Ўзбекистон ва БАА ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик даражаси ва соҳадаги алоқаларни кескин жадаллаштириш, жумладан, давлатлар орасида мавжуд бўлган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш масалаларини муҳокама қилишди.
“Учрашув якунига кўра ўзаро туризм тарғибот кампанияларини кучайтириш, БАА ишбилармон доиралари ва сармоядорларини мамлакатимизга жалб қилиш бўйича қатор келишувларга эришилди”, — дейилади хабарда.
БАА Ўзбекистондаги IT корхоналарнинг ўсишига ёрдам беради — тафсилотлар
Маълумот учун, 2023 йил якунига кўра икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 20 фоизга ошди. Ўзбекистонда Амирликлар сармояси иштирокида 300 тадан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард доллардан ошди. Бундан ташқари, юқори технологиялар, энергетика, геология, қишлоқ хўжалиги, туризм, IT, инфратузилма, логистика ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.