2030 йилда қайта тикланувчи энергия улуши 40% га етказилади — вазир

Муҳокама чоғида Ўзбекистон ва Марказий Осиёда қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Яшил энергетикага сармоя киритиш: барқарор келажакни яратиш” панель сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
“Илгари Ўзбекистон қазиб олинадиган ёқилғига таянган, салмоқли улуш газ ҳиссасига тўғри келган. Аммо мамлакат тараққиётининг янги йўналиши яшил энергетикага эшик очди. Бугун биз етакчи ўйинчилар билан ҳамкорлик қилмоқдамиз ва 2030 йилга бориб Ўзбекистонда 20 гигаватт қайта тикланадиган энергия қуввати яратилиб, унинг энергия балансидаги улушини 40 фоизга етказамиз”, — деди Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов.
Муҳокама чоғида Ўзбекистон ва Марказий Осиёда қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Иштирокчилар инвесторларни жалб қилиш, инфратузилмани ривожлантириш, технологик инновациялар, лойиҳаларни кенгайтириш имконияти, иқлимни молиялаштиришнинг роли ва яшил энергетикани рағбатлантириш бўйича сиёсий тавсиялар каби турли жиҳатларни муҳокама қилдилар.

“Яшил энергетикани ривожлантириш бўйича давлатнинг аниқ тасаввурга эга бўлиши, шунингдек, очиқ ва конструктив мулоқотга тайёр бўлиши биз учун доимо муҳим бўлиб келган. Бу ерда қарорлар тезда қабул қилинади. Бугун биз шамол энергетикасини 5 гигаваттга ривожлантириш бўйича шартнома имзоладик”, – деди "ACWA Power" бош директори Марко Арчелли.

Сўзга чиққанлар бу борадаги ўз қарашлари, тажрибаси ва режалари билан ўртоқлашдилар. Қайта тикланадиган энергия манбаларини муваффақиятли ривожлантиришнинг асосий омиллари, жумладан, қулай сармоявий муҳитни яратиш, инновациялар ва стратегик шериклик муносабатлари кўриб чиқилди.