Ўзбекистонликларни 1 майдан қандай янгиликлар кутмоқда — тафсилотлар

Шу йилнинг 1 майидан фуқаролар, тадбиркорлар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун бир қатор қулайликларни назарда тутувчи ҳужжатлар кучга киради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Май ойидан бошлаб электр ва газ тарифлари оширилади, “Афросиёб” тезюрар поезди чипталари қимматлашади, ижро ҳужжатларини электрон форматда бериш йўлга қўйилади, кексалар ва ногиронлар ҳар ойда моддий ёрдам олиш имкониятига эга бўлади.
Демак, 1 майидан бошлаб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун янги мажбурий тўловлар ва йиғимларни фақатгина қонунда белгилаш амалиёти киритилади. Бу ҳақда "Ўзбекистон — 2030" стратегиясини "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги президент фармонида назарда тутилган.

Ўзбекистонда 1 майдан газ ва электр нархи ошади

Ҳукуматнинг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, аҳоли учун электр энергиясининг кВт.соати 295 сўмдан 450 сўмга, газнинг куби 380 сўмдан 650 сўмгача оширилади.
Ижтимоий норма электр энергияси учун 200 квт.соатни, газ учун ёзги мавсумда 100 куб, қишки мавсумда 500 куб миқдорида белгиланади. Ҳужжатда белгиланишича, айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади.
Унга кўра, қуйидагилар тасдиқланди:
2024-2025 йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг босқичма-босқич ўзгариш графиги;
2024 йил 1 майдан аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг “базавий меъёрлари”.
Шу йил 1 майгача ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари ошишини ҳисобга олган ҳолда минимал истеъмол харажатлари қиймати қайта кўриб чиқилади.
Қуйидаги тоифадаги истеъмолчилар учун юзага келиши мумкин бўлган қўшимча харажатларни қоплаш бўйича вақтинча компенсация жорий этилади:
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилалар, болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар;
Ягона реестрга киритилмаган, “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида аниқланадиган қўшимча эҳтиёжманд оилалар.
Шунингдек, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга компенсация турлари тақдим этилади. Унга кўра, ноябрь ойида 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Қолаверса, электр энергияси ва табиий газ бўйича қуйидаги миқдорлардаги истеъмол учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади:
табиий газ учун – ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 250 куб метргача;
электр энергияси учун – ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 150 кВт соатгача.

Ҳар бир ҳудудда волонтёрлик гуруҳлари шакллантирилади

Президентнинг “Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 1 майдан бошлаб ҳар бир ҳудудда кучли зилзилада аҳолини қутқариш ишларига жалб этиш учун волонтёрлик гуруҳлари шакллантирилади.

Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт нархларини сунъий пасайтириб кўрсатиш ҳолатларининг олди олинади

Шу йилнинг февраль ойида Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Республикада мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғриси”да қарор қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, мева-сабзавот маҳсулотларига экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назоратни таъминлаш мақсадида 1 майдан бошлаб белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича республикадан экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича шартномалар қийматини мониторинг қилиш ва экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назорат ўрнатиш тартиби жорий этилади.
Ҳужжат мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт нархларини сунъий пасайтириб кўрсатиш ҳолатларининг олдини олиш, валюта тушумлари ўз вақтида ва тўлиқ таъминланишини назорат қилиш ҳамда ушбу соҳада яширин иқтисодиёт улушини кескин қисқартиришни мақсад қилган.

Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бор шахсларга ойлик моддий ёрдам тўланади

Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган "Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида назарда тутилган.

Унга кўра, реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойлик уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена товарлари учун ҳар ойда қўшимча пул тўловлари ўрнига ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида моддий ёрдам тўланади.

Ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш тартиби жорий этилади

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” президент фармонига кўра, 1 майдан суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш (юбориш, тақдим этиш) тартиби жорий этилади.
Шунингдек, фуқаролардан қарздорликлари учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад белгиланади, ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби почта харажатлари бўйича қарздорликни ундиришга ҳам татбиқ этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнига тадбиркорлик субъектларини аутсорсинг асосида жалб этилади.

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида эксперимент амалга оширилади

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни эътироф этиш, индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режасини тасдиқлаш ва мониторинг қилишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга давлат спорт тадбирларига, театр ва музейларга кириш бепул этиб белгиланади. Давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида ташкил этилган спорт тўгаракларида бепул шуғулланади. Яшаш жойида дезинфекция тадбирлари туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари томонидан бепул амалга оширилади.
2024 йил 1 майдан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнига тадбиркорлик субъектларини аутсорсинг асосида жалб этилади.

Энди дарё бўйларидан қум-шағал материалларини қазиб олиш учун рухсатнома - фақат "E-auksion" платформаси орқали берилади

Президентнинг "Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилади.
Дарё бўйлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материалларини қазиб олиш ҳуқуқини фақат "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали реализация қилинади.
Дарё бўйлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материалларини қазиб олишни тақиқлаш ва тоғли ёки тоғолди ҳудудларда (қуруқликда) жойлашган муқобил кон участкаларида қазиш ишларини ташкил этиш тақиқланади.

“Афросиёб” электропоезди чипталари нархи қимматлашади

Шу йилнинг 15 майдан бошлаб "Афросиёб" электропоездларининг чипталари нархи эконом класс учун 20 фоиз, бизнес класс учун 30 фоиз ва VIP класс учун 40 фоизга оширилади. Чипталар нархи темир йўл инфратузилмасини ислоҳ қилиш, электр-энергия, ёқилғи, логистика ва транспорт харажатларини қоплаш ҳамда янги юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни харид қилиш мақсадида оширилмоқда.