Ўзбекистон ва Афғонистон 44 млн долларлик экспорт шартномалар имзолашга келишди

Савдо-саноат палатаси: Ўзбекистонда Афғонистон бозорни эгаллаб олиш учун барча имкониятлар мавжуд.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида 44 млн долларлик экспорт шартномалар имзолашга келишилди. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси маълум қилди.
Қайд этилишича, уч кунлик Афғонистон ишбилармон доиралари делегациясининг ташрифи доирасида, маҳаллий корхоналар томонидан қарийб, 44 млн долларлик экспорт шартномалар имзолашга келишилди.
“2024 йил ҳолатига кўра, Афғонистонда доимий аҳоли сони 34,9 миллион нафарга етди. Импорт бозори 7 млрд долларни ташкил этади. Энг кўп талаб қилинадиган товарлар қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм, электротехника маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ҳисобланади. Ўзбекистонда эса ушбу бозорни эгаллаб олиш учун барча имкониятлар мавжуд”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, самарали музокаралар натижасида қўшни давлатнинг 18 та етакчи компания вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Афғонистон Ишбилармонлар кенгашини тузишга келишиб олинди.
“Ишбилармонлар Кенгашининг тузилиши икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга, улар учун ўзаро муносабатларнинг янги платформаларини яратишга, шунингдек, ўзбек маҳсулотларини Афғонистонга экспорт қилиш ҳажмини ошириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилишда ёрдам беради”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, маҳаллий экспортчилар маҳсулотларини қўшни давлат бозорига олиб чиқиш мақсадида Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан Тошкентда икки давлат ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форуми ташкил этилди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек 200 га яқин икки давлат бизнес вакиллари иштирок этди.