ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Владимир Зеленский февраль ойида ҳарбий хизматга жалб қилиш билан боғлиқ муаммолар фонида сафарбар қилинган украиналикларни қўрқитмаслик учун 31 минг кишининг сонини эълон қилганида, қуролли кучлар сафида ҳалок бўлганлар сонини камайтириб айтди. Бу ҳақда исмини ошкор этмаган украиналик парламентарийга таяниб, Washington Post газетаси хабар берди, деб ёзмоқда РИА Новости.
"Украина узоқ вақтдан бери ошкор қилишдан бош тортган ҳарбий йўқотишлар сони, эҳтимол, муаммоли сафарбарликка халақит бермаслик учун камайтирилган", — деб ёзади газета.
Газетанинг таъкидлашича, Украина Қуролли кучлари сафларида аскарларнинг кескин танқислиги ва Россия Федерациясининг ўқ отиш кучи бўйича устунлиги туфайли Киев бу йил ҳужумга ўтишга умид қила олмайди.
Аввалроқ Зеленский 2022 йил февралидан бери Украина Қуролли кучларининг йўқотишлари 31 минг киши бўлганини айтган эди. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова унинг бу баёнотини изоҳлар экан, Украинанинг ҳар бир фуқароси бу ёлғон эканлигини тушунишини айтди.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 20 февраль куни Украина Қуролли кучлари 2023 йил 4 июнидан буён амалга оширилган муваффақиятсиз қарши ҳужум пайтидагина 166 минг киши ҳалок бўлди ва ярадор бўлди, деб қайд этди. Херсон вилояти губернатори Владимир Салдо Зеленский Украина Қуролли кучларининг йўқотишларини камида 10 баробарга камайтирганини айтди.