ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Шаҳрисабз туманидаги Мираки қишлоғи “Туризм маҳалласи” мақомини олди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Туризм ҳафталиги доирасида Шаҳрисабз тумани "Мираки" маҳалла фуқаролар йиғинига Туризм қўмитасининг "Туризм маҳалласи" мақоми сертификати тантанали равишда топширилди.
Тез орада маҳаллага бутун дунёдан сайёҳлар кела бошлайди - у ерда 240 гектар майдонда сайёҳлик маркази қурилиши бошланди. Улар эко қишлоқ, вино заводи, аквапарк, экстремал спорт мактаби, меҳмонхоналар қуришни режалаштирган.
2026 йил охиригача амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа 18 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятига сайёҳлар оқими ҳар йили ҳозирги 200 минг кишидан миллион кишигача ошиши кутилмоқда.