ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Вазирлик ва идоралар Янги Тошкентга кўчирилади, бу ҳақида 19 апрел куни имзоланган “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланган.
Қарорда айтилишига кўра, Абдулла Арипов республика ижро этувчи ҳокимият органларини Янги Тошкент шаҳри ҳудудига кўчириш, уларнинг маъмурий биноларидан самарали фойдаланиш ва уларни сотишдан тушадиган маблағларни ушбу ҳудудда маъмурий биноларни барпо этишга йўналтириш юзасидан 3 ой ичида таклиф киритиши лозим.
Шунингдек, қарорда қуйидагилар ҳам белгиланган:
Давлат улуши 50%дан юқори бўлган корхоналар самарасиз фойдаланилаётган активлари сотилади ва бўш турган ерлари хусусийлаштирилади.
Давлат корхоналарининг акциялари фонд бозорларига бирламчи ёки иккиламчи савдога чиқарилади.
Давлат мулкини сотишда тадбиркорлар ва хорижий инвесторларга турли енгилликлар берилади, тўловни бўлиб-бўлиб амалга ошириш имконияти яратилади.
2024 йил 1 майдан бошлаб қишлоқхўжалиги учун мўлжалланмаган ер участкаларини сотишни тезлаштирилади, уларнинг негизида ишлаб чиқариш объектларини ишга туширишни рағбатлантирилади.
Автомобил йўллари бўйида жойлашган бўш ерлар савдо-маиший объектлар ташкил этиш учун тадбиркорларга расмийлаштириб берилади.