Путин Германиянинг Россиядаги активларини "Газпром"га топширди

Суғурта компаниялар "Шимолий оқим" учун тўловдан воз кечганидан сўнг, Россия президенти Ғарб активларини "Газпром"га топшириш ҳақида буйруқ имзолади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 апр - Sputnik. Россия президенти Владимир Путин "Ariston" ва “BSH Hausgerate” ("Bosch", "Siemens") корхоналарининг Россиядаги бизнесини вақтинча "Газпром" бошқарувига ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. РИА Новости хабарига асосан.
Фармонга мувофиқ "Аристон Термо Русь", (Ariston Holding N.V.га тегишли) ва "БСХ Бытовые Приборы" (BSH Hausgerate GmbHга тегишли) корхоналарнинг устав капиталидаги 100% улуши вақтинча “Газпром маиший тизимлар” АЖ ихтиёрига ўтказилади.
Россия президентининг ушбу қарори Европанинг йирик суғурта компаниялари "Шимолий оқим"лардаги портлашлар оқибатида "Газпром"га етказилган зарарни қоплашдан бош тортиши фонида содир бўлди.

ОАВга маълум бўлишича, ғарбнинг энг йирик ҳисобланган "Lloyd’s of London" ва "Arch Insurance" суғурта компаниялари "Nord Stream AG" ("Шимолий оқим"лар оператори) компаниясига қувур портлатилиши оқибатида етказилган зарарни тўлашдан бош тортмоқда. Улар айтишига кўра, "Шимолий оқим гўё ҳарбий амалиётлар натижасида зарар кўрган".

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя БМТ Хавфсизлик кенгашида сўзга чиқар экан, "Шимолий оқим"лардаги портлашлар борасида Ғарб давлатлари Россия томонидан юборилган сўровларнинг бирортасига ҳам жавоб бермаганини таъкидлади.

Шуниндек, доимий вакил Нидерландия, Швеция ва Германия ҳукуматлари ушбу терактни суриштириш учун ҳеч нарса қилмаганларини таъкидлади.

Суғурта компаниялари тўловдан воз кечиши сабаби борасида Небензя "Портлаш содир бўлган Даниянинг Борнҳолм ороли яқинида қандай қуролли тўқнашув содир бўлмоқда — бу давлатларнинг ўзлари бундан хабардорми?" деб савол қўйди.

БМТ Хавфсизлик кенгашида сўзга чиққан Хитой вакили Генг Шуанг ҳам халқаро ҳамжамиятдан Шимолий оқимлардаги терактни Россия билан биргаликда фаол тергов қилишни даъват этди.