Жамиятда тарқоқлик чиқаришга қаратилган ҳар қандай уриниш бостирилади — Тоқаев

Мухолиф кучлар жамиятда тарқоқлик ва муросасизлик келтириб чиқаришга уринмоқда, деди Тоқаев.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Қозоқ давлатчилигининг мухолифлари машҳур бўлиш мақсадида ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумотлар тарқатиб, ўзларининг бузғунчи кун тартибини татбиқ этишга уринмоқда, деди Қосим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқ ассамблеясининг 33-сессиясида.

Миллатчилик ҳақида

Биз халқ сифатида ният ва интилишларимизда ҳар қачонгидан ҳам бирдам бўлишимиз, жамиятда этник тарқоқликнинг ҳар қандай кўринишларига, муросасизлик муҳитини шакллантиришга, фуқароларни маданий, тил, этник ёки диний сабабларга кўра камситишга уринишлар ва провокацияларга қарши чиқишимиз керак.
Биз адолатлилик, инклюзивлик, прагматизм тамойилларига асосланган ва бутун халқ фаровонлигини ошириш учун мустаҳкам пойдевор қўядиган янги иқтисодий моделга ўтишни бошладик.

Ҳокимият одамларнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун чоралар кўради, Жамиятимизни бўлинишга бўлган ҳар қандай уринишлар, ким томонидан уюштирилган бўлмасин, бостирилади.

Рус тили масаласида

Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, тил масаласини муваффақиятли ҳал этилиши кўп жиҳатдан у ёки бу давлатдаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини белгилайди.
Биз ташқи ва ички омилларни ҳисобга олган ҳолда ушбу ўта нозик соҳада стратегик вазминлик ва бағрикенглик кўрсатишимиз керак, аммо бу давлат тилини ҳар томонлама ривожлантиришга эътибор кучайишини истисно этмайди. Келажакда у миллатлараро мулоқот тилига айланади.

Теракт ҳақида

Яқинда Москва вилоятида содир бўлган қонли теракт қалбларимизда катта оғриқ билан акс-садо берди, кўплаб фуқароларимиз фожиа қурбонларига ҳамдардлик билдирди.

Қозоғистон халқаро ҳуқуқ ва инсонпарварлик ғояларига доимо содиқ давлат сифатида биринчилардан бўлиб БМТга аъзо давлатларни тинч аҳолига нисбатан ноинсоний зўравонлик ҳаракатини қоралашга чақирган.
“Фақат мулоқот ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқали инсоният кучайиб бораётган бетартиблик ва вайронагарчилик тўлқинига қарши тура олади, халқаро муносабатлардаги тарқоқлик ва ишонч инқирозини энгиб ўта олади”, — деди Тоқаев.