ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. АҚШ Украинадаги можарода бевосита иштирок этмоқда, бироқ бу махсус операция натижасини ўзгартира олмайди. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
"Қўшма Штатлар ушбу можарода бевосита иштирок этмоқда, улар ўзлари етказиб берадиган қурол тизимларининг ишлаш оралиғини оширишга ҳаракат қилмоқдалар. Бу махсус ҳарбий операция натижаларини тубдан ўзгартира олмайди”, — деди Песков Киевга ATACMS ракеталари етказиб берилиши ҳақидаги хабарга муносабат билдираётиб.
Чоршанба куни Пентагон РИА Новости агентлигига "суверен Украина ҳудудида" фойдаланиш учун ATACMS кенгайтирилган тезкор-тактик ракеталарининг Украинага топширилганини тасдиқлади. Агентлик суҳбатдошига кўра, ракеталар март ойида эълон қилинган ҳарбий ёрдам пакетига киритилган ва апрель ойида Украинага етиб борган.
ОАВнинг хабар беришича, украиналиклар уларни аллақачон икки марта Россиянинг орқа чизиғидаги нишонларга қарши қўллаган. Россия Украинага қурол етказиб бериш келишувга халақит бермоқда, НАТО давлатларини можарога бевосита жалб қилмоқда ва “ўт билан ўйнашяпти” деб ҳисоблайди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина учун қурол бўлган ҳар қандай юк Россия учун қонуний нишонга айланишини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва НАТО можарода бевосита иштирок этмоқда, жумладан, нафақат қурол-яроғ етказиб бериш, балки Буюк Британия, Германия, Италия ва бошқа мамлакатларда кадрлар тайёрлаш билан ҳам шуғулланади. Кремлнинг таъкидлашича, Украинани Ғарб қуроллари билан тўлдириш музокараларга ҳисса қўшмайди ва салбий таъсир кўрсатади.