ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Хитой тинчликни ҳурмат қилади ва ҳеч қандай давлат билан совуқ ёки иссиқ урушга киришмоқчи эмас, лекин унинг суверенитетини бузиш мумкин эмас. Бу ҳақда душанба куни Хитой Халқ Республикаси Марказий ҳарбий кенгаши раиси ўринбосари Чжан Юся маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
"Хитой халқи тинчликни ҳурмат қилади ва ҳеч қандай давлат билан совуқ ёки иссиқ урушга киришмоқчи эмас, аммо Хитойнинг ҳудудий суверенитети бузилмайди ва унинг асосий манфаатларига қарши туриш мумкин эмас", — деди Чжан Юся Тинч океани ғарбий денгиз кучлари симпозиумининг 19-йиғилишининг очилиш маросимида.
Ғарбий Тинч океани денгиз кучлари симпозиумининг ўн тўққизинчи йиғилиши Хитойнинг шарқий Шандун провинциясидаги Циндао шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Халқ озодлик армияси денгиз флоти мезбонлик қилаётган тадбирда Австралия, Франция, Ҳиндистон, Индонезия, Япония, АҚШ ва Буюк Британия каби 29 давлатдан 180 дан ортиқ юқори даражадаги делегациялар иштирок этмоқда. Россия томонидан Россия ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони Александр Моисеев қатнашмоқда.