Дубайда кучли ёмғир ёғиши туфайли аэропортда қолиб кетган ўзбекистонликларга ёрдам берилди

Ноқулай об-ҳаво сабабли аэропортда қолиб кетган ўзбекистонликларга Бош консулхона томонидан озиқ-овқат ва бошқа турдаги зарур маҳсулотлар тарқатилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Жорий йилнинг 16 апрель куни Бирлашган Араб Амирликларида кучли жала қуйиши, сув тошқини юз бериши оқибатида Дубай халқаро аэропорти ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Таъкидланишича, халқаро аэропорт ҳудуди ва учиш-қўниш йўлаклари сув остида қолгани туфайли ички ва халқаро самолётлар парвози кечиктирилди ёки тўхтатилди. Айрим самолётлар Амирликларнинг бошқа аэропортларига йўналтирилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Дубай халқаро аэропортида қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларига консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида аэропортда бўлишди.
Маълум бўлишича, 16 апрель куни "Дубай – Тошкент" йўналиши бўйича парвозни амалга ошириши керак бўлган "Centrum Air" авиакомпанияси самолётининг учиши ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бекор қилинган. Ушбу ҳолат натижасида 52 нафар Ўзбекистон фуқаролари 1 кун давомида Дубай халқаро аэропортининг кутиш залида қолиб кетган.
Уларни Ўзбекистонга қайтариш билан боғлиқ масалаларни ўрнатилган тартибда ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Бош консулхонаси, "Uzbekistan Airways" ва "Centrum Air" авиакомпаниялари вакиллари Дубай халқаро аэропорти мутасаддилари билан учрашув ўтказди.
Музокаралар якунида "Centrum Air" компанияси йўловчилари бўлган ўзбекистонликларни "Uzbekistan Airways" компанияси самолётида Ўзбекистонга жўнатиш тўғрисида келишиб олинди. Шу тариқа, "Дубай-Тошкент" йўналишидаги самолёт 17 апрель куни соат 22:30 да Ўзбекистонга учиб кетди.
Шунингдек, ноқулай об-ҳаво сабабли аэропортда қолиб кетган ўзбекистонликларга Бош консулхона томонидан озиқ-овқат ва бошқа турдаги зарур маҳсулотлар тарқатилди.