ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. "Марказий Осиё – Ҳиндистон" ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Мамлакатнинг Деҳлидаги элчихонаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Ҳиндистон Савдо ва саноат палаталари федерацияси вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Унда "Марказий Осиё – Ҳиндистон" ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини шу йил Ўзбекистонда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама қилинди.
Марказий Осиё давлатлари ва Ҳиндистон ишбилармон доиралари вакилларининг мазкур мулоқот платформаси 2020 йил апрель ойида ташкил этилган. Шу пайтгача унинг йиғилишлари икки марта ўтказилган.
“FICCI вакиллари ўзбек замини қабул қилаётган навбатдаги анжуманга Ҳиндистон тадбиркорлари томонидан катта қизиқиш билдирилаётгани ҳамда турли йўналишдаги етакчи компаниялар мутахассисларидан иборат салмоқли таркибдаги делегация шакллантирилаётганини маълум қилди”, – дейилади хабарда.
Томонлар тадбирни ёз фаслида ўтказиш ҳамда тез кунларда Марказий Осиё давлатлари вакилларини жалб этган ҳолда унинг ташкилий жиҳатларини батафсил муҳокама қилишга келишиб олишди.
Маълумот учун, 2023 йилда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш қарийб 760 миллион долларни ташкил этган. Икки давлат раҳбарлари томонидан яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифа қўйилган.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармонлари фармацевтика, соғлиқни сақлаш, олий таълим, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, автомобиль бутловчи буюмларини ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Ўзбекистонда ҳинд капитали иштирокида 420 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 280 таси 100 фоиз ҳиндистонлик тадбиркорларга тегишли.