Тошкент ва Урганчда янги қурилиш лойиҳалари амалга оширилади — тафсилотлар

Тошкент халқаро аэропортининг жўнаб кетиш терминали майдони яна кенгайтирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев транспорт ва қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг уч йиллик реконструкция ишлари натижасида жўнаб кетиш терминали майдони 56 минг квадрат метрдан 80 минг квадрат метргача кенгайди.
Представлены проекты строительства
Ҳозирги кунда аэропортдаги учиб кетиш терминали реконструкция қилинмоқда. Бу уч босқичда амалга оширилиб, рўйхатдан ўтказиш, божхона ва хавфсизлик имкониятлари кенгайтирилади. Натижада йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 1 минг 200 кишидан 2 минг 400 нафарга етади.
Шунингдек, Тошкент халқаро аэропортида янги карго терминалини қуриш режалаштирилган. Бунинг самарасида юкларга сифатли хизмат кўрсатиш қуввати 300 тоннага етади.
Айтилишича, Урганчдаги Ал-Хоразмий шаҳарчасида кўп қаватли уйлар, мактаб ва боғчалар, спорт ва маданият марказлари, хиёбонлар, технопарк ва бошқа мажмуалар барпо этилади. Хусусан, шаҳарча марказида Ал-Хоразмий университети қурилади.
Представлены проекты строительства
Лойиҳага кўра, бу олийгоҳда математика ва табиий фанлар, информатика, муҳандислик факультетлари бўлади, 4 минг талаба таълим олади. Университет қошида истеъдодли болалар учун ихтисослашган мактаб ҳам бўлади. Шу тариқа, бу ерда ўқиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси йўлга қўйилиб, таълим кластери яратилади.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон республикаси Беруний тумани марказида Абу Райҳон Беруний музей ташкил этиш режалаштирилган. У икки қаватли бўлиб, энг илғор қурилмалар билан жиҳозланиши, интерфаол усуллар қўлланилиши мўлжалланган. Музей олдидаги хиёбонда Берунийнинг муаззам ҳайкали ўрнатилади.