"Крокус"даги теракт ташкилотчилари қаерда бўлмасин, муносиб жазога тортилади — Патрушев

Крокусдаги теракт ижрочилари Украина миллатчилари билан алоқадор — Патрушев.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Москвадаги "Крокус Сити Холл"да 22 март куни содир этилган мудҳиш терактнинг барча ташкилотчилари, уларнинг шериклари ва улар билан алоқадор бошқа шахслар қаерда бўлишидан қатъи назар, муносиб жазога тортилади, деди Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев.

“Ушбу даҳшатли қонли терактнинг айбдорлари, шериклари, ташкилотчилари, бошқа алоқадор шахслар қаерда яширинган бўлишидан қатъи назар, жиноят изларини қандай чалғитишга уринмасин, муносиб жазога тортилади”, — деди Патрушев Архангельскдаги хавфсизлик бўйича йиғилишда.

Патрушевнинг маълум қилишича, "Крокус"даги теракт ижрочилари Украина миллатчилари билан алоқадор.

“Текширув давомида ушбу терактнинг бевосита ижрочилари ва украиналик миллатчилар ўртасидаги алоқалар тасдиқланди ва процессуал жиҳатдан аниқланди”, - деди Патрушев.

Бундан олдин ҳам журналистларнинг теракт ортида ИШИД* ёки Украина турганми деган саволга жавоб бераркан, “Албатта, Украина”, деган эди Патрушев. Унинг сўзларига кўра, теракт ортида Украина турганига оид кўплаб далиллар бор. Тергов қўмитаси ҳамма нарсани таҳлил қилади ва ўз вақтида аниқ маълумот беради.
Крокусдаги теракт

22 март куни кечқурун Москва вилоятидаги "Крокус Сити Холл" концерт залида "Пикник" гуруҳи концерти бошланишидан олдин қуролланган бир неча эркаклар кириб, томошабинларни ўққа тутган ва концерт залини ёқиб юборган эди. Теракт оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, 144 киши қурбон бўлган.

Воқеадан бир неча соат ўтиб, терактнинг 4 нафар ижрочилари Рязань вилоятида Украина чегарасига яқин жойда ҳибсга олинган эди. Кейинчалик уларнинг гувоҳлик беришича, уларга Украина чегарасидан ўтиш учун махсус "туйнук" тайёрланган.

Ғарб давлатлари теракт содир бўлган замонданоқ ҳужум ортида Украина эмас, ИШИД* турганини таъкидлаб келмоқда. Шунингдек, Ғарб ОАВларида теракт ҳақида маълумот жуда кам, ва аксарият ҳолларда у ерда қурбонлар сони ҳам атайлаб кўрсатилмаган.

* Россияда тақиқланган террорчилик ташкилоти