ТОШКEНТ, 14 апр – Sputnik. Беларуснинг Гомель вилояти ижроия қўмитаси раиси Иван Крупко бошчилигидаги расмий ва ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация жорий йил 18-21 апрель кунлари амалий ташриф билан Фарғона вилоятида бўлади. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги маълумотига кўра, расмий учрашувлар доирасида Фарғона ва Гомель вилоятлари раҳбарларининг тор ва кенгайтирилган доирадаги учрашувлари бўлиб ўтади. Фарғона вилояти ҳамда Гомель вилояти ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича битим имзоланади. Шунингдек, "Қўқон" эркин иқтисодий зонаси ҳамда "Гомель-Ратон" эркин иқтисодий зонаси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланиши режалаштирилган.
Беларусь делегацияси учун ташриф кунлари Фарғона шаҳрида вилоятда ишлаб чиқарилган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади. Фарғона ва Гомель вилоятлари ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида В2В шаклида музокаралар бўлиб ўтади. Музокаралар якуни бўйича келишув ва шартномалар имзоланиши кўзда тутилган.