ТОШКEНТ, 13 апр – Sputnik. Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Россиядаги вакили ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов, Ўзбекистон Божхона қўмитасининг Россиядаги вакили этиб тайинланган Зафар Сангинов ва Россия федерал божхона хизмати раҳбари Руслан Давидов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилишди. Таҳлилларга кўра, 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йилига 15-20 фоизга ўсиб бормоқда.
Ўзбекистон ва Россия божхона тизимларида ахборот технологияларининг жадал ривожланиб бораётгани божхона хизматлари ўртасида тенг шерикчилик алоқаларини таъминлашга ҳизмат қилмоқда. Натижада, ўзаро савдода ташқи савдо юкларини узлуксиз ва хавфсиз етказиб бериш занжирларини таъминлашга қаратилган лойиҳалар мувафаққиятли амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон Божхона қўмитаси вакилининг Россия Федерациясида иш бошлаши божхона хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва фаоллаштиришга хизмат қилади. Ўзбекистон билан Россия ўртасида товарлар ва транспорт воситаларининг эркин ўтишига тўсқинлик қиладиган сабабларни баҳолаш, аниқлаш ва жойида бартараф этиш имконини беради”, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 2 декабрида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг 3-мажлиси доирасида иккала мамлакат божхона хизмати раҳбарлари Ўзбекистон ва Россияда божхона хизматлари ваколатхоналарини очиш тўғрисида битим имзолаганди.