ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Таиландда оғир атлетика бўйича Жаҳон кубогида Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
Барча совринларни 109 килограммгача бўлган вазн тоифасида эркаклар қўлга киритди.
Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Акбар Жўраев ушбу вазн тоифасида мутлақ чемпион бўлди ва шу тариқа Ўзбекистон делегацияси коллекциясини учта энг юқори даражадаги медаль билан тўлдирди.
Шарофиддин Амриддинов эса силтаб кўтаришда бронза медалига сазовор бўлди.
“Ушбу натижа туфайли эркаклар терма жамоаси медаллар ҳисобида КХДР, Хитой ва Арманистондан кейин тўртинчи ўринни эгаллади”, — дейилади хабарда.
11 апрель куни Тошкентда дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё кубоги баҳслари старт олгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан 800 нафарга яқин дзюдочи иштирок этмоқда.