ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Можаро тугаганидан кейин Украинада 25 миллион аҳоли қолиши мумкин, деди киевлик иқтисодчи Алексей Куш сиёсатшунос Юрий Романенконинг YouTube каналига берган интервьюсида. РИА Новости хабарига асосан.
"Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, Украинанинг урушдан кейинги демографик ҳолати 25 миллион кишини ташкил этади, улардан 10 миллиони нафақахўрлар, беш миллиони болалар, тахминан икки-уч миллиони ногиронлар ва фахрийлар, яъни ижтимоий нафақа оладиган одамлардир. Иқтисодий фаол ядро тахминан 7-8 миллион кишини ташкил этади”, - дея тушунтирди таҳлилчи.
Унинг сўзларига кўра, демографик инқироз Украина учун миллий фалокат бўлиб, унинг оқибатлари ҳатто Киев учун можаронинг “нисбатан муваффақиятли” якунланишини ҳам бекор қилиши мумкин.
Куш таъкидлаганидек, бир неча йил олдин Украинанинг иқтисодий фаол аҳолиси тахминан 17 миллион киши эди. (2021 йилда жами аҳоли 41 млн. — таҳр)
“Бундан ташқари, энг ҳайратланарлиси шундаки, аҳолининг иқтисодий фаол ўзаги жами аҳоли сонидан анча тез суръатларда камайиб бормоқда.
Январь ойи охирида Times газетаси мутахассисларга таяниб, Украинада туғилиш даражаси дунёдаги энг паст ўринга тушганини ёзган эди. "Опендатабот" таҳлилий ресурси ҳам 2023 йил ёзида Украинада туғилиш кўрсаткичи мустақилликдан кейинги энг паст даражага етганини маълум қилган эди.