ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Россиянинг Оренбург вилоятида баҳорги сув тошқини кўтарилишда давом этмоқда.
Айни дамда, 11 апрел соат 9 ҳолатида Оренбург яқинидаги Урал дарёсида сув сатҳи аллақачон 1060 см га кўтарилган. Бу хавфли нуқтадан (930 см) 130 см юқори дегани. Сув сатҳи кўтарилишда давом этмоқда.
Шаҳарда 3,6 мингдан ортиқ хонадон сув остида қолган. Эвакуция қилинган аҳоли сони 1258 кишини ташкил қилган. 92 киши вақтинча жойлаштириш пунктларига жойлаштирилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Оренбург вилояти аҳолиси учун озиқ-овқат, сув, шахсий гигиена воситалари, дори-дармонлар, адёл ва резина этиклар каби инсонпарварлик ёрдами партиясини етказиб берди.
Оренбург вилоятидаги Орскда шаҳри ва унинг атрофини 5 апрел куни тўғон ёрилиши оқибатида сув босган эди. Жами 6500га яқин уйлар сув остида қолган. Бу ҳудудда сўнгги 24 соат ичида сув камаймоқда, вазият барқарорлашишда давом этмоқда.
Россиянинг Курган шаҳридаги Тобол дарёси сатҳи бир кечада 8 см га кўтарилди (383 см гача), Звериноголовское қишлоғи яқинида эса 1 м дан ошди.
Тюмен вилоятида ҳам сув тошиши хавфи пайдо бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу ерга 4 км йиғма тўғонларни етказиб берди. Улар ҳудудларни сув босишининг олдини олиш учун керак.