ТОШКЕНТ, 10 апр – Sputnik. Польшалик адвокат Роман Гиертих мухолифатдаги “Қонун ва адолат” (PiS) партияси етакчиси Ярослав Качинскини "ёлғон детектори" ёрдамида сўроқ қилишни талаб қилмоқда.
“Смоленскда президент Лех Качинскийни ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлган BOR (Давлат ҳимояси бюроси - таҳр.) ходимларининг оилалари номидан бугун мен прокуратурадан Ярослав Качинскийни ака-ука ўртасидаги сўнгги суҳбат ҳақида полиграф орқали сўроқ қилишни сўрайман. Ишончим комилки, унинг яширадиган ҳеч нарсаси йўқ”, — деб ёзди Гертих ижтимоий тармоқда.
Смоленск фожиаси
Бундан 14 йил олдин, 2010 йилнинг 10 апрель куни президент Лех Качинский (Ярослав Качинскийнинг акаси) ва ҳукумат аъзолари бўлган Польшанинг биринчи рақамли борти Россиянинг Смоленск шаҳри яқинида ҳалокатга учраган эди. 96 киши, жумладан, давлат раҳбари Лех Качинский ва унинг рафиқаси, таниқли сиёсатчилар ва ҳарбий арбоблар ҳалок бўлган эди.
Фожиадан бир йил ўтгач, ХАҚ (Халқаро авиация қўмитаси) тергов натижаларига кўра, ҳалокатнинг бевосита сабаби экипажнинг туманли шароитда муқобил аэродромга чиқмаслик қарори ва самолётларни тайёрлашдаги камчиликлар эканлигини эълон қилди.
Лекин шунга қарамай, Польша ҳукумати 2015 йилда ушбу фалокатни текшириш учун янги комиссия тузди ва у яна 8 йил ҳалокатни ўрганиб чиқди, лекин ҳеч қандай янги хулосаларга келмади.
Лекин шу орада (2019 йилда) собиқ миллий мудофаа вазири Антони Мачеревич британиялик мутахассисларга таяниб, ҳалокатда Россия расмийларини айблади ва бортда портлаш содир бўлганини даъво қилди. Бундан ташқари, ушбу комиссиянинг оралиқ хулосалари асосида Польшада уч нафар россиялик авиадиспетчерга нисбатан жиноий ишлар очилди.
2023 йилнинг декабрь ойида Польша миллий мудофаа вазири Владислав Косинияк-Камиш Смоленскдаги самолёт ҳалокатини қайта тергов қилиш бўйича комиссияни тугатишни буюрган эди. Польша расмийлари фалокатда Россия айбдор деган назарияни ҳам рад этди.
Чоршанба куни Миллий прокуратура 2010 йилда Смоленск яқинида қулаган президент самолёти бўйича ишни ёпишга тайёрланаётганини маълум қилди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу қарорни шарҳлар экан, Россия ҳар доим кўп одамнинг умрига зомин бўлган даҳшатли аварияни сиёсийлаштиришга қарши бўлганини таъкидлади ва икки давлат муносабатларида бу саҳифа ўгирилишига умид билдирди.