Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади

Ўз табрик сўзида президент ислом дини тинчлик, эзгулик ва инсонпарварлик дини эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади.

"Аввало, муқаддас динимиз буюрган ибодат ва амалларни муборак Рамазон ойида чин дилдан, ихлос билан адо этиб, бугун ҳайит айёмини катта шоду хуррамлик билан кутиб олаётган сиз, азизларни, юртимиздаги жамики мўмин-мусулмонлар, бутун халқимизни самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак эҳтиромим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман", - дейилади табрикда.

Президент, шунингдек, ўз табрик сўзида ислом дини – тинчлик, эзгулик ва инсонпарварлик дини эканини, тинчлик-омонлик, ўзаро дўстлик ва аҳилликка интилиб яшаш – чин мўминга хос фазилат эканлиги муқаддас китобларда ёзилганини қайд этиб ўтди.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча миллат ва конфессия вакиллари учун виждон эркинлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.
"Жумладан, янги масжидлар барпо этилмоқда, улуғ алломалар, азиз-авлиёларимизнинг қадамжолари обод қилинмоқда, миллий ва диний қадриятларимиз тикланмоқда. Муборак Ҳаж ва Умра зиёратлари учун кенг имкониятлар очилмоқда", - деди президент.
Шу ўринда Шавкат Мирзиёев бу йилги Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистонда уч кунлик дам олиш эълон қилинганига, бу эса байрамни янада файзли ва мазмунли ўтказишга хизмат қилишига ишонч билдирди.