ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вице-президенти Йингминг Янг Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига (“Green University”) ташриф буюрди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу ташрифда Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги минтақавий ваколатхонаси директори ва делегациянинг бошқа аъзолари ҳам иштирок этди.
Йингминг Янг “Green University”нинг замонавий шароитлари, ўқув хоналари ва лабораториялари билан танишди. У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг бундай илғор таълим муассасасини ташкил этиш ташаббусидан ҳайратда эканлигини билдирди.
Таъкидланишича, замонавий таълим ресурслари халқаро стандартларга жавоб беради ва экология ҳамда иқлим ўзгариши соҳасида инновациялар ва барқарор ривожланишга интилиш намунаси бўлиб хизмат қилади.
ОТБ вице-президенти бошчилигидаги делегация Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вакиллари, “Green University” жамоаси ва талабалари билан учрашув ўтказди. Учрашув атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўйича қўшма ташаббусларни муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ва муҳим масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Вице-президент ОТБ вазирлик ва “Green University” билан ҳамкорлик қилишга, шунингдек, келгусида шу каби лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
“Олинган билимларни нафақат ўзлаштириш, балки амалиётга муваффақиятли жорий этиш ҳам муҳим. Билимларни амалиётга интеграциялаш тажрибани бойитади ва иш натижаларини яхшилайди”, — деди Йингминг Янг.
Муҳим тадбир талабалар шаҳарчасида дарахт экиш маросими билан якунланди. Вице-президент Йингминг Янг ОТБнинг экологик барқарорликка содиқлиги ҳамда “Green University”нинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаши рамзи сифатида дарахт экди.