ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. АҚШнинг янги ёрдам пакети фақат Украина Қуролли кучлари учун катта йўқотишларга олиб келади ва Украинани ҳудудлардан маҳрум қилади, дейди америкалик иқтисодчи Жеффри Сакс Judging Freedom YouTube каналига берган интервьюсида.
“Бу яна ўнлаб, ҳатто юз минглаб украиналикларнинг ўлимига олиб келади. Бундан ташқари, натижада Украина яна ҳам кўпроқ ҳудуд йўқотади, чунки Россия биз музокаралар столига ўтирмагунимизча олдинга силжишда давом этади. Биз қанча чўзсак, Украина шунча кўп йўқотади”, - деди у.
Сакс, шунингдек, бундай қарордан фақат америкалик қурол ишлаб чиқарувчилар фойда кўришини, Украина эса фақат шаҳарларини йўқотишини таъкидлади.
ОАВга кўра, Қўшма Штатлар ўтган йилнинг декабрь ойида сўнгги қурол пакетини топшириб, Киевга ёрдам бериш имкониятларини тугатди. Бу йил 300 миллион долларлик фақат битта ёрдам пакети етказилди. Конгресс Байден маъмуриятининг Украина учун янги 60 миллиард долларлик талабига ҳали рози бўлмади.
Бир неча ойдан бери давом этаётган Киевга пул ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича ноаниқлик фонида Вакиллар палатасида республикачилар Украинага кредит ёки ленд-лиз шаклида ёрдам бериш режасининг ўз вариантини тайёрладилар.
Россияга кўра, Украинага қурол етказиб бериш келишувга халақит бермоқда, НАТО давлатларини можарога бевосита жалб қилмоқда. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таъкидлашича, АҚШ ва НАТО можарода нафақат қурол-яроғ етказиб бериш, балки Буюк Британия, Германия, Италия ва бошқа мамлакатларда кадрлар тайёрлаш орқали ҳам бевосита иштирок этмоқда. Кремлнинг таъкидлашича, Украинани Ғарб қуроллари билан тўлдириш музокараларга ҳисса қўшмайди ва салбий таъсир кўрсатади.