ТОШКЕНТ, 2 апр — Sputnik. БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2 апрель куни Исроилнинг Дамашқдаги Эрон консуллигига зарба бергани муносабати билан Россия илтимосига биноан йиғилиш ўтказади. Бу ҳақда Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакилининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
“Исроилнинг Дамашқдаги Эрон консуллигига уюштирган ҳаво ҳужумидан сўнг, эронликлар БМТ Хавфсизлик Кенгашига ушбу ҳаракатни қоралашни сўраб мурожаат қилди”, - деди Полянский.
Унинг сўзларига кўра, Мальта раислиги уни 2 апрель куни соат 15:00 (Москва вақти билан 22:00) га белгилаган.
Исроилнинг Эроннинг Дамашқдаги консуллигига ҳужуми ҳақида нималар маълум:
Эрон ОАВга кўра, ҳужумда Ислом инқилоби посбонлари корпусининг 2 генерали ҳалок бўлган, жами 8 киши вафот этган.
Расмий Теҳрон Эрон Исроил ҳужумига жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини маълум қилди.
Мамлакат ТИВ Вашингтон Исроилнинг ҳаракатлари учун жавоб бериши керак, деб ҳисобламоқда. Айни пайтда АҚШ расмийлари зарбадан хабари бўлмаганини ва унда иштирок этмаганини айтди.
Россия ТИВ Исроил ҳужумини қоралаб, мамлакат раҳбариятини Сурия ва бошқа давлатлардаги провокацион ҳарбий ҳаракатлардан воз кечишга чақирди.